Давлат раҳбари Ўзбекистонга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди
7 май куни Ўзбекистонга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.
Президент Венгрия элчиси Йожеф Рожа, Эрон Ислом Республикаси элчиси Муҳаммадали Искандарий, Чехия Республикаси элчиси Любомир Фреборт, Ўмон Султонлиги элчиси Вафо ал-Бусаидий, Жазоир Халқ Демократик Республикаси элчиси Муҳаммад Ирқийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлат раҳбари хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини тайинлов билан самимий қутлаб, Ўзбекистон ва улар вакиллик қилаётган мамлакатларни яқинлаштириш, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришдаги муҳим ўрнини қайд этди.
Ўзбекистон Президенти глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланишга таҳдидлар тобора кучаяётган ҳозирги даврда давлатлар ўртасида конструктив мулоқотни йўлга қўйишда, дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишда дипломатлар фаолияти янада муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
«Бугунги Ўзбекистон – жаҳонга кенг очилаётган, хорижий шериклари билан узоқ муддатли ва кенг қамровли алоқаларни изчил ривожлантириб бораётган тинчликсевар ва адолатли ижтимоий давлатдир», – деди Президент.
Давлат раҳбари Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги етти йилда икки баробар ўсгани, инвестициялар, савдо айланмаси ҳажми муттасил ошаётгани, экспорт географияси кенгаяётганига эътибор қаратди ва дунёдаги етакчи компаниялар, машҳур брендлар бозорга фаол кириб келайтганини таъкидлади.
Шарҳлар