Президент иштирокида Наврўз байрами тантана қилинди

Фото: Пресс-служба Президента Узбекистана

“Humo Arena” мажмуасида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Наврўз байрами шодиёнаси ўтказилмоқда, деб ёзяпти давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Унда давлат раҳбари нутқ сўзлаб, халқимизни байрам билан табриклаган.

“Сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун Ўзбекистон халқини барчамиз соғиниб кутган Наврўзи олам билан самимий муборакбод этишдан бахтиёрман.

Бугун фасллар алмашиб, еру кўкда илоҳий мўъжизалар юз бермоқда. Янги кун, янги мавсум, янги ҳаёт нафаси бошланмоқда. Табиат уйғониши билан зимистон кечалардан зериккан кўнгиллар яшариб-яйрамоқда.

Албатта, бугунги шодиёна байрамни эл-юртимиз билан муаззам “Янги Ўзбекистон боғи”да ўтказишни ният қилган эдик. Лекин ҳаммамиз кўриб турибмиз – сўнгги кунларда ҳаво совиб, ҳарорат бироз пасайиб қолди. Бугун оби раҳмат ёмғирлари билан осмондан ризқу рўз, қут-барака ёғмоқда. Ҳаммамиз бу ҳолатни шукроналик билан қабул қиламиз”, – деган Шавкат Мирзиёев.

Мана шу муҳташам саройда туриб, барча-барчангизга энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Хуш келибсан юртимизга, гўзал Наврўз!

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.