Президент Шароф Рашидов туманидаги янги қурилаётган массивда бўлди

Фото: пресс-служба президента

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди.

Шароф Рашидов туманининг бу ҳудуди адир ёнбағри, ундан деярли фойдаланилмас эди. Ҳозир 140 гектарли улкан майдонда жадал қурилиш кетмоқда. Лойиҳа уч босқичли бўлиб, 3 минг 936 хонадонли 105 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган ва уйлар 9, 12 ва 16 қаватли бўлади.

«Айни пайтда биринчи босқич доирасида 204 хонадонли 4 та кўп қаватли уй, марказий қозонхона, шоурум ва ички йўллар қурилган. Яна 16 та турар жой, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, савдо маркази бунёд этилади. “Инно техно парк” аҳолини иш билан таъминлашда қўл келади», – дейилади хабарда.

Иккинчи босқич 2026, учинчиси 2028 йилларга режа қилинган. Бунда уйлардан ташқари маҳалла маркази, поликлиника, масжид, меҳмонхона, болалар ва спорт ўйингоҳлари, “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилади. Бўш майдонларга ҳам дарахтлар экилиб, хиёбонга айлантирилади.

Президент бу йил режалаштирилганига қўшимча уйлар қуриб, имтиёзли ипотека кредитлари орқали аҳолига харид имкониятини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунга мутаносиб равишда инфратузилма тармоқлари, мактаб, болалар боғчаси каби ижтимоий муассасалар қурилишини жадаллаштириш, савдо ва хизматларни, жумладан, йўл бўйида умумий овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.