Президент: КОП Ёшлар конференциясини Ўзбекистонда ташкил этишга тайёрмиз
Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (СОП28) бир қатор таклифлар билан чиқди.
«Биз Париж келишуви доирасида иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича глобал доиравий механизмнинг тезроқ мувофиқлаштирилиши тарафдоримиз.»
Марказий Осиё иқлим мулоқоти платформасида мамлакат Мослашув стратегиясини ишлаб чиқмоқда.
“Кеча йўқотишлар ва зарарлар жамғармасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган муҳим қарорни юксак қадрлаймиз, – деди давлат раҳбари.
Кам углеродли иқтисодиётга глобал ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши керак. Шу билан бирга, ривожланаётган мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш зарур, деди президент.
“Ушбу долзарб масалани G7 ва G20 форматларида доимий равишда кўриб чиқиш тавсия этилади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси резолюцияси асосида Ўзбекистон Оролбўйи минтақасини экологик инқироз зонасидан “инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар зонаси”га айлантириш ниятида.
“Шу муносабат билан сизни бу ерда Халқаро иқлим технологиялари экспо-хабини яратиш бўйича яқин ҳамкорликка таклиф қиламан”.
Давлат раҳбари иқлим ўзгаришига қарши курашишда илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
“Мамлакатларингизнинг етакчи олим ва экспертларини Тошкентдаги “Яшил университет” негизида ташкил этиладиган Иқлим бўйича илмий форумда иштирок этишга таклиф қиламан”.
Ўзбекистон Президенти форум кун тартибига тупроқ деградациясининг олдини олиш, сувдан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари киритилишини маълум қилди.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан биргаликда 2024 йилда Ўзбекистонда “Иқлим миграцияси” мавзусида конференция ўтказишни режалаштирганмиз”.
Ўзбекистон Президенти Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда “Яшил бандлик” дастурини ишлаб чиқиш ва Моделлаштириш марказини ташкил этишни таклиф қилди.
“Биз СОП Ёшлар конференциясини мамлакатимизда юқори савияда ташкил этишга тайёрмиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шарҳлар