Президент Малайзия Бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим билан телефон орқали мулоқот қилди.
Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари, шу жумладан Малайзия Бош вазирининг жорий йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг бажарилиши кўриб чиқилди.
Парламентлараро, ҳукуматлараро, ишбилармонлик алоқалари сезиларли фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. 29 май куни Путражая шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди. Ўзбекистон-Малайзия ишбилармонлар кенгаши тузилди.
Саноат, “яшил” энергетика, нефт-кимё, электротехника ва бошқа тармоқларда етакчи компанияларнинг кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Гуманитар алмашинув ва зиёрат туризми бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди.
Шарҳлар