Президент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди
Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, фахрий меҳмонлар сифатида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, шунингдек, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида минтақада бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.
«Очиқ ва самарали мулоқотларимиз, илгари сурилган муҳим ташаббуслар, ишга туширилган кўп томонлама лойиҳалар ва дастурлар, амалга оширилган кўплаб қўшма тадбирлар ва шу каби бошқа ҳаракатларимиз минтақа қиёфасини ва имижини тубдан ўзгартирди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Минтақа мамлакатлари самарали ҳамкорлик қилиб, муҳим масалаларни ҳал эта бошлагани таъкидланди. Ўзаро савдо, инвестициялар, юк ташиш ҳажми, фуқароларнинг ташрифлари бир неча баробар ошди. Хорижий давлатларнинг минтақага қизиқиши сезиларли даражада ошди, «Марказий Осиё плюс» форматидаги турли учрашувлар шундан далолат беради.
«Бугун биз умумминтақавий ўзига хосликни шакллантириш жараёни бошлангани ҳақида ишонч билан айтишимиз мумкин», – деди Ўзбекистон Президенти.
Давлатимиз раҳбари ҳамкасбларининг минтақавий ўзаро ҳамкорлик механизмлари ва институтларини ишга тушириш, жумладан, миллий координаторлар, тармоқ вазирликлари ва идоралари вакиллари учрашувлари бўйича таклифларини қўллаб-қувватлади. Ҳозирги босқичда қабул қилинаётган қарорларни амалга ошириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун таъсирчан воситалар кераклигини таъкидлади.
Шарҳлар