Президент маслаҳатчиси: «Кластерлар фермерга қараб ўтирмасин, далага келиб, пахта териб кетаверсин»

Фото: kun.uz

Ўзбекистон президентининг аграр соҳани ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев яқинда бўлиб ўтган йиғилишда теримни тугатмаган фермерлар далаларига «комбайн олиб келиб, пахта териш» кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеолавҳага асосланиб Kun.uz хабар беради, деб ёзади “Газета” нашри. Видеода кадрлар кесилгани ва монтаж изларини пайқаш мумкин.

«Кластер ўзи териб кетсин, майли, фермердан [пахтани] сотиб олмасин, ўзи териб, ўзи йиғиб олиб кетсин», — деди у «Агросаноат мажмуини назорат қилиш инспекцияси» раҳбарига мурожаат қилиб. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Аброл Ваҳобов кластерларда пахта теримига рухсат сўраган, чунки бу, унинг айтишича, асосий муаммо, жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам.

«Рухсат. Фермерга қараб ўтирмасин, машинани олиб келиб, [пахтани] териб олиб кетаверсин. Фақат терган тоннасини кўрсатса бўлди, Аброл Жабборович, — деган Ғаниев.

Аброл Ваҳобовнинг айтишича, бошқа вилоятлардаги кластерларда ҳам пахта терими бўйича таклифлар бўлган: «Жуда пахталаринг кўп экан, йиғмасангиз, беринглар биз йиғамиз», — деган таклифлар бўлган.

«Сирдарёликлар билан гаплашдим, 50 та машина олиб келамиз дейишди. Тошкент вилоятига олиб кирган жойингда пахтани териб кетаверасан дедим. Бўпти дейишди. Ўзи фермер термагандан кейин далада қолиб кетяпти, [кластер] териб кетаверсин. Фермер менинг пахтамни териб кетдинг, дея олмайди. Кластер берган маблағ, кластер берган ўғит, кластер берган чигит. Фермер нима деган тақдирда ҳам кластер ноқонуний иш қилмаган бўлади. Қолаверса фермернинг қарздорлиги бор, уни узиш керак. Ҳар томонлама ҳисоб-китоб бор», — деди Шуҳрат Ғаниев. 

Президент маслаҳатчиси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Саидкарим Нишонбоев Тошкент вилоятига жўнаб кетиши ва у ерда Сирдарёдан 50 та машина билан Тошкент вилоятида пахта теримига масъул бўлишини таъкидлади. «Ҳеч ким „миқ“ деёлмайди. Шарт териб олиб чиқиб кетаверсин», деди. Шундан сўнг, видеода кадрлар кесилганини сезиш мумкин: суҳбатнинг бир қисми ўтказиб юборилган.

«Қашқадарёга ҳам машина бўлса… Жиззахда 80 та машина бор эди. [Уларни] менга беринг, мен Қашқадарёга олиб бориб [пахтани] тердириб олиб кетавераман. Қашқадарёга бош прокурор ўринбосари Хатамов Жаҳонгир ака боради, шарт териб,олиб чиқиб кетаверамиз. Муаммо йўқ, 15 ноябргача машиналарни олиб бориб, пахтани териб олиб чиқиб кетаверамиз. Бошқа жойга олиб кетаётганимиз йўқ, мамлакатимизда қолади. Ҳеч қандай гап сўз йўқ», — деди бош вазирнинг собиқ ўринбосари, Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими.

«Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига кўра фермер етиштирган маҳсулотини, шу жумладан бу маҳсулотни истеъмолчиларга реализация қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Мазкур қонуннинг 22-моддасига кўра эса фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.

Kun.uz`нинг мутахассисларга таяниб хабар беришича, айрим ҳудудларда «пахта теримига ишчи кучи етишмаслиги» туфайли ҳақиқатан ҳам пахта тўлиқ териб олинмаган. Оқибатда терим нархи ошган, комбайнларга хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилмаган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.