Президент матбуот котиби нега Мудофаа вазирлиги Сирдарёдаги портлашни ягона ҳолат деб атаётганига изоҳ берди
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 22 октябрь тонгида Сирдарё вилоятидаги ҳарбий омборхонада содир бўлган портлаш юзасидан изоҳ берди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.
«ОАВ ва блогерларимиз томонидан ҳар хил фикрлар, савол туғиляпти. Демак, бу портлашнинг таснифи бўйича. Якка портлаш нима дегани ўзи. Бу кейинчалик детонация бермаган портлаш. Яъни, агар мана шу омборни оладиган бўлсак, бу омборхона 20-асрнинг 40 йилларида қурилган, илгари техник қоидаларга кўра жуда кўп миқдорда қурол-яроғ сақланган. Аммо 2016 йилдан сўнг президентимиз топшириғига кўра барча омборлар реконструкция қилинмоқда. Барчасининг атрофида жаҳон стандартларига кўра кичик омборлар қурилмоқда ва уларда кам миқдорда қурол-яроғ сақланмоқда», — деди у.
«Қайд этилишича, барча объектларда жаҳон стандартларига кўра қўйиладиган талаб асосида инженер-муҳандислик ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида портлаш содир бўлган тақдирда ҳам имкон қадар зарар келтирувчи жисмларнинг атрофга сочилишининг олди олинади. Сирдарё вилоятидаги портлаш ҳам шундай омборлардан бирида содир бўлган ва хавфсизлик талабларига амал қилингани туфайли катта талофот бўлмади. Асосий зарарланиш ҳам ён-атрофдаги биноларнинг том ва ойна қисмига тўғри келган. Яъни, портлаш тўлқини туфайли биноларга қисман зарар етса ҳам, турли жисмлар тарқашининг олди олинди», — дея қайд этди Шерзод Асадов.
У бундай техноген характерга эга ҳодисалар тўғрисида президентга зудлик билан дарҳол хабар берилишини таъкидлади. Ўша куни ҳам президентга ахборот берилганидан кейин воқеа содир бўлган жойга президентимиз томонидан хавфсизлик кенгаши раиси Виктор Маҳмудов бошчилигида ишчи гуруҳ жўнатилган. Ишчи гуруҳ у ерга бориб биринчи навбатда бўлган талафотларни таҳлили билан шуғулланди, бундан ташқари бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчиликларида махсус комиссия тузилиб, бўлган талафотларни тез кунда бартараф этиш бўйича, биринчи навбатда синган дераза ойналари, кичик ва ўрта-бизнес вакиллари ишини қайта йўлга қўйиш билан боғлиқ бўлган ишларни амалга оширишни ўзига мақсад қилиб қўйган.
Шерзод Асадовнинг айтишича, фаол ҳаракатлар натижасида охирги 1 сутка ичида Сирдарёга 10 минг кв метрдан зиёд ойналар етказиб берилди, бундан ташқари аҳоли ва бизнес вакилларининг деярли барча томлари таъмирланиб берилган. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, якшанба куни тушдан кейин Сирдарё туманида зарар кўрган турар ва нотурар жой биноларига 10 минг квадрат метр ойна ва 4,5 мингдан ортиқ шифер етказилган.
Охирги маълумотларга кўра, 17 киши жароҳатланган эди, ҳозир касалхоналарда 7 киши қолган, барчаси ҳарбийлар.
«Бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва бунга олиб келган барча омиллар инобатга олиниб, кенг жамоатчиликка эълон қилинади. Ушбу ҳолат президентимиз назоратидаги масаладир», — деди Шерзод Асадов.
Шарҳлар