Президент: Қорақалпоғистонга инвестиция киритиб, бизнес қилишни бошқа ҳудудларга нисбатан 3 та устунлиги бор
Кўчмас мулк бузилиши бўйича компенсация тўлашда ҳалигача муаммолар борлиги қайд этилди.
Ҳозирда ушбу харажатлар вилоят бюджети ҳисобидан қопланаяпти. Лекин айрим вилоятлар бюджетида маблағ кам қолаётгани учун тадбиркорнинг пулини қоплаб бериш 5-6 йилга чўзилиб кетмоқда.
Эндиликда ер савдосидан тушган маблағлар аввало бузилишлар бўйича тадбиркорлардан қарзни сўндиришга қаратилади.
“Жаҳондаги вазиятни кўриб турибсиз. Анъанавий бозорларни сақлаб қолиш, янгиларига кириб бориш, бунинг учун логистика маршрутларини диверсификация қилиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Нима учун бу йилги очиқ мулоқотни айнан Қорақалпоғистонда ўтказяпмиз? Чунки Қорақалпоғистонга инвестиция киритиб, бизнес қилишни бошқа ҳудудларга нисбатан 3 та устунлиги бор. Биринчиси – Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ 50 дан ортиқ имтиёзлар пакети қилиб берилган. Иккинчиси – Қорақалпоғистонда ер ажратишнинг содда тизими жорий этилган. Учинчиси – катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудудимиз, бу – Қорақалпоғистон”, – деди Президент.
Давлат раҳбари қорақалпоғистонлик тадбиркорларни келган меҳмонларга бу ердаги шароитларни кўрсатиш, лойиҳа қилиш бўйича биргаликда таклифлар ишлаб чиқишга чақирди ва барчасини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Очиқ мулоқот якуни билан “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастури қабул қилиниши белгиланди. Сўнг давлат раҳбари тадбиркорларнинг амалий таклиф ва ташаббусларини тинглаб, улар билан фикр алмашди.
Президент сўзга чиққан тадбиркор ва ишбилармонларга билдирган фикрлари, янги-янги иш ўринлари яратиб, одамларни даромадли қилишга, камбағалликни қисқартиришга қаттиқ бел боғлашга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирди.
“Сизлар тинч, эркин ва фаровон ҳаётимиз гаровисизлар, десак, ўйлайманки, муболаға бўлмайди. “Тадбиркор – элга мададкор” деган нақлда чуқур маъно бор. Лекин, шундай катта масъулиятни зиммасига олган тадбиркорни ўзига ким мададкор? Агар қайси ҳоким ўз ҳудудининг гуллаб-яшнаб, тараққий топишини истаса, аввало, тадбиркор ва яна бир бор тадбиркорга чинакам мададкор бўлиши керак. Ҳурматли тадбиркор ва ишбилармонлар, ҳеч нарсадан чўчиманг. Билинг, ортингизда Президент турибди!”, – деди давлат раҳбари мулоқот якунида.
Кўтарилган масалалар бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Ҳукуматга муҳокама қилинган масалалар ечимига қаратилган барча ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли киритиш топширилди.
Шарҳлар