Президент раислигидаги йиғилишда юртимиз иқлимига мос сифатли кўчатни кўпайтириш лозимлиги таъкидланди.
Фанлар академияси, экология, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги, карантин тизимидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари, олийгоҳлар, кафедралар, ин-витро лабораторияларидан самарали фойдаланиб, уруғ ва кўчат етиштириш ҳажмини ошириши зарур.
Нукус, Арнасой, Қоракўл, Муборакда кейинги йилда сувсизлик ва шўрга чидамли галофит ўсимликларидан иборат 4 та боғ барпо қилинади.
Уруғ олиш учун ўрмон хўжаликларидан соғлом оналик плантациясини танлаш орқали йилига 1,5 минг тонна уруғ тайёрланиши, Корея тажрибаси асосида сувсизликка чидамли, иқлим шароитига мос ёпиқ илдизли контейнер ва ин-витро усулида 2 миллион кўчат етиштириш тизими йўлга қўйилиши белгиланди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмдаги 250 минг гектар чўлда сув талаб этмайдиган саксовул, қандим, черкез уруғлари дронлар ёрдамида экилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва водий вилоятларидаги 327 гектар ерда ноёб мевали кўчатларни ин-витро усулида етиштиришни йўлга қўйиш топширилди.
Октябр-ноябрь ойларида маҳаллаларда 40 миллион дона манзарали ва мевали дарахт янги тизим асосида экилиши белгиланди.
“Маҳалла еттилиги” ҳар бир маҳаллада 30 тадан камбағал оила хонадонига 20 тупдан, 20 минг якка ёлғиз кексалар хонадонига 10 тупдан мевали дарахтлар тарқатади. Шунингдек, еттилик ўзига бириктирилган кўчаларда жами 6 миллион дона манзарали дарахт, кўчалар, уйлар, кўп қаватли уйлар атрофига жами 3 миллион мевали ва манзарали дарахт экишни ташкиллаштириши муҳимлиги қайд этилди.
Таълим тизими раҳбарларига 20 мингдан зиёд боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 2,5 миллион дона кўчат экишни ташкил қилиш топширилди. Ёшлар ишлари агентлиги 155 минг ёшларга бўлиб берилган 60 минг гектар ерда жами 1,5 миллионта мевали дарахт экишга кўмаклашади.
Барча маҳаллаларда кўчат ярмаркасини ташкил қилиб, 30 миллионта кўчат етказиб бериш муҳимлиги таъкидланди.
Телевидение, радио, газета ва ижтимоий тармоқларда дарахт экиш нуронийлар, маҳалла фаоллари, жамоат арбоблари, санъаткор ва спортчилар иштирокида кенг тарғиб қилинса, ишларнинг самараси бундан-да юқори бўлиши таъкидланди.
Президентимиз аҳолини дарахт экишга жалб қилиш бўйича яхши тажрибалар кўпаяётганини қайд этиб, тўлов ташкилотлари ва электрон савдо платформаларининг бундай лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш зарурлигига эътибор қаратди.
Шарҳлар