Президент “ШҲТ плюс” форматида иштирок этди

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4-июл куни Остона шаҳрида «ШҲТ плюс» форматининг «Кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш – барқарор тинчлик ва тараққиёт сари интилиш» мавзусидаги учрашувида иштирок этди.

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари ва унинг доимий фаолият юритувчи органлари раҳбарларидан ташқари кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида кенг таркибдаги “ШҲТ плюс” йиғилиши айни вақтида ўтказилаётганини таъкидлади.

«Ҳозир дунё ишонч, адолат ва ҳамжиҳатлик қайта тикланишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда», – деди Президент.

Бугунги глобал жараёнларга баҳо берар экан, давлат раҳбари сиёсий ва иқтисодий “парчаланишлар”, урушлар ва можаролар халқаро муносабатлар тизими асоси ва ҳал қилувчи тамойилларининг емирилишига олиб келаётганини қайд этди.

«Қарама-қаршилик ва протекционизм жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда. Мамлакатларнинг савдо, молия, сармоя, технология ва инновациялар трансфери соҳаларидаги самарали ҳамкорлигида тўсқинлик қиладиган янги ажратувчи чегаралар вужудга келмоқда», – деди Президент.

Таъкидланганидек, «ушбу муаммоларни ҳал қилишнинг ягона йўли – умумий хавфсизлик, тараққиёт ва фаровонлик учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришдир».

Ўзбекистон раҳбари ШҲТ ҳар доим халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган тамойиллари ва БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи ролига таянадиган кўп томонламалик асосидаги адолатли дунё тартиботи тарафдори бўлиб келгани ва шундай бўлиб қолаётганини таъкидлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.