Президент ШҲТ саммитида бирқанча таклифлар билан чиқди
Ҳурматли раис!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити барча иштирокчиларини қутлашдан мамнунман. Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга самимий қабул ва бугунги учрашувимиз юксак даражада ташкил этилаётгани учун билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Беларуснинг ШҲТга қўшилиш жараёни якунига етгани билан табриклайман. Бу, ҳеч шубҳасиз, шерикликнинг қўшимча имкониятларини очади. Ушбу воқеа муносабати билан ҳурматли Александр Григорьевич Лукашенкони самимий қутлайман.
Биз Қозоғистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига фаол ва самарали раислиги якунларини юксак баҳолаймиз, бугунги мажлисимиз кун тартибига киритилган масалалар ва қарорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда ўтмоқда. Янги вайронкор можаролар пайдо бўлмоқда, глобал ва минтақавий хавфсизликка хавф ва таҳдидлар кучайиб бормоқда. Бу давлатлар ўртасида ўзаро ишонч камаяётган, қарама-қаршилик ва зиддиятлар ортиши натижасида геосиёсий кескинлик тобора ўсаётган вазиятда кечмоқда.
Халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойиллари тез-тез бузилмоқда. Тобора кучайиб бораётган инқироз ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича жаҳон ҳамжамиятида мавжуд бўлган воситалар, афсуски, ўзининг самарадорлигини йўқотди.
Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир. Ана шу тамойиллар туфайли Ташкилот бугунги ютуқларга эришди, халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлди.
Келгусида ҳам “Шанхай руҳи”нинг мустаҳкам замини бўлган тамойиллар – ўзаро ишонч ва манфаат, тенглик, маданиятлар ранг-баранглигига ҳурмат ва умумий тараққиётга интилиш, қарорлар қабул қилишда консенсус тамойилининг ўзгармаслиги ва Ташкилотнинг блоклардан холи мақомини сақлаб қолиш, унинг очиқлиги, учинчи мамлакатларга қарши қаратилмагани, иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий салоҳиятидан қатъий назар барча иштирокчиларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва суверенитетини ҳурмат қилишга қатъий риоя этиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Ҳозирги кунда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳимдир. Биз “ШҲТ оиласи” жипслигини кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб, очилаётган янги имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз зарур.
Бунинг учун бизда барча шарт-шароитлар мавжуд. Жаҳон аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи, глобал ялпи ички маҳсулотнинг чорак қисмидан кўпроғи мамлакатларимиз ҳиссасига тўғри келади. Ҳеч шубҳасиз, ушбу беқиёс салоҳиятни рўёбга чиқариш биздан иқтисодий шерикликнинг янги моделларини шакллантиришни ва ШҲТ доирасида барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқишни талаб этади.
Шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон 2030 йилга бориб миллий иқтисодиёт ҳажмини икки баробар оширишга қаратилган чуқур ўзгаришларни давом эттирмоқда. Бунга, аввало, инновацион ва юқори технологияли тармоқларни шакллантириш, “яшил” ва рақамли технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергетика улушини тубдан ошириш ҳисобидан эришишга интиляпмиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бизнинг нуқтаи назаримиз бўйича ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.
Биринчи. Глобал даражада ишонч тақчиллиги мисли кўрилмаган даражага чиққан шароитда умумий хавфсизлигимизни таъминлашда янги ёндашувларни излаш зарурати ўсиб бормоқда.
Шу боис, ҳозирги пайтда умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича биз илгари сурган Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодекси қабул қилиниши ҳозирги янги шароитда мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконини беради, деб ҳисоблаймиз.
Иккинчи. Иқтисодий соҳада ҳамкорлик бўйича стратегик юксалишга эришиш.
Ўзбекистоннинг Ташкилотга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси ўтган йил якунлари бўйича 20 фоиз, жорий йил бошидан буён эса яна 15 фоизга ўсди.
ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ҳужжатга савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаш, фитосанитария ва ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш мумкин.
Бундан ташқари, трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш бўйича жаҳондаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳада амалдаги рақамли савдо платформалари интеграциясини кўзда тутувчи ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф этамиз.
Учинчи. Саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш.
Энг аввало, инфратузилма, саноатнинг юқори технологияли тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Бунда ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини пухта ўйлаб кўриш, ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга қайтиш муҳим.
Тўртинчи. “Шарқ–Ғарб” ва “Шимол–Жануб” йўналишлари бўйича инклюзив транспорт тизимларини шакллантириш мамлакатларимиз иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантириш имконини беради.
Алоҳида таъкидлаб айтаман: транспорт йўлаклари кўп вариантли бўлиши – бу бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим шартидир.
Шунингдек, Логистика жараёнларини рақамлаштириш режасини ишлаб чиқиш, шу жумладан, мамлакатларимиз чегаралари орқали ўтадиган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон алмашувини ташкил этишни таклиф қиламиз.
Бешинчи. ШҲТ маконида замонавий ва ишончли энергетика инфратузилмаларини кенгайтириш.
Биз Ўзбекистонда “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш бўйича катта дастурни қабул қилдик. Йилига икки гигаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга туширмоқдамиз. Саноат даражасида “яшил” водород ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш бошланди.
Қайта тикланадиган энергетикага инвестиция ва технологияларни жалб этишни рағбатлантириш бўйича ҳамкорликнинг комплекс режасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Олтинчи. Жадаллаштирилган рақамли трансформация.
Бизнинг фикримизча, рақамли иқтисодиётга ўтиш, “сунъий интеллект”ни, илғор IT қарорларни жорий этиш мамлакатларимиз рақобатбардошлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Шу борада билимлар, тажриба ва энг яхши амалиётлар алмашуви, IT паркларнинг тизимли ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида “ШҲТ келажак технологиялари” дастурини ишлаб чиқиш тарафдоримиз.
Еттинчи. Ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасида ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлиги бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Ишончим комилки, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш ва ҳудудларни, биринчи навбатда, қишлоқ жойларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни амалга ошириш 2030 йилгача мўлжалланган энг муҳим мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳисса бўлади.
Саккизинчи. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни етказиб бериш имкониятлари номма-ном акс эттирилган мамлакатларимизнинг агросаноат соҳасидаги салоҳияти ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган “ШҲТ озиқ-овқат хавфсизлиги атласи” қўшма электрон платформасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хавф ва хатарларга қарши курашишда мамлакатларимиз ваколатли органлари фаолиятини яқиндан мувофиқлаштиришни, шу жумладан, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси йўналишида давом эттириш зарур.
Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган ва минтақавий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистондаги вазият ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Афғонистоннинг ҳозирги маъмурияти билан муносабатларни ўрнатиш борасидаги ёндашувлар турли экани маълум. Аминманки, Кобул билан мулоқотларни сақлаш бутун минтақанинг хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт борасидаги манфаатларига мос келади. Тобора кўпроқ давлатлар буни тушуниб етмоқда.
Шу муносабат билан, “ШҲТ–Афғонистон” мулоқот гуруҳининг фаолиятини қайта тиклаш ҳақидаги таклиф ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Саммитимиз ШҲТнинг доимий фаолият юритувчи органлари – Пекин шаҳридаги Котибият ва Тошкент шаҳридаги Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ташкил этилганига 20 йил тўлган йилда ўтмоқда. Қисқа даврда улар шерикликнинг самарали механизми сифатида мустаҳкам қарор топди ва кўп томонлама институтлар ўртасида муносиб ўрин эгаллади.
Биз ШҲТни янада ривожлантириш жараёнлари тарафдоримиз ва Ташкилотимизнинг фаолиятини такомиллаштириш ҳақидаги таклифни қабул қилишга тайёрмиз.
Сўзимнинг якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни Хитой Халқ Республикаси қабул қилиб олаётгани муносабати билан ҳурматли Си Цзиньпин Жаноби Олийларига билдирилган табрик сўзларига қўшиламан.
Ўзбекистон ШҲТ доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришга содиқ эканини яна бир бор тасдиқлайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Шарҳлар