Президент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводига борди
Президент Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводини бориб кўрди.
Мазкур заводда 16 турдаги йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилади ва таъмирланади. Ўтган йили корхонада 32 та йўловчи вагони тайёрланиб, 319 таси таъмирланган. Кооперация орқали эҳтиёт қисмларнинг 70 фоизи маҳаллийлаштирилган.
Хабарга кўра, “аввалги йилларда 300 дан зиёд йўловчи ва техник хизмат вагонлари ишлаб чиқарилиб, 50 дан ошиғи экспортга юборилган. Бундан ташқари, 112 та метрополитен вагонлари модернизация қилинган. Улар 28 йил давомида фойдаланишга мўлжалланган ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради”.
Вагонларда иситиш ва совутиш тизимлари, ҳаво айланиши янада яхшиланган. Сув иситиш ускунаси ҳам электр энергиясида, ҳам кўмирда ишлашга мўлжалланган. Йўловчиларни тоза ва салқин ичимлик суви билан таъминлаш, телефон қувватини тўлдириш учун махсус мосламалар ўрнатилган. Бу ерда 619 нафар муҳандис-ишчи меҳнат қилмоқда.
Президент вагонларга чиқиб кўриб, уларнинг дизайнини ўзгартириш, йўловчиларга қулайликларни ошириш зарурлигини таъкидлаган. Электр поездлар тармоғини кенгайтириб, аҳоли кўп туманларга олиб бориш, соҳанинг алоҳида генерация қувватларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилган.
Шарҳлар