Президент солиқ имтиёзларини ҳудудларнинг ривожланиш даражасидан келиб чиқиб белгилашни топширди
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида иқтисодиёт тармоқларига йўналтирилган имтиёзлар самарадорлиги таҳлили бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Республика бўйлаб солиқ имтиёзларининг 31 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларининг улуши 2 фоиздан ошмайди. Лекин Сурхондарёнинг Олтинсой туманида ҳам, Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ҳам тадбиркорлар учун белгиланган талаблар, солиқлар, имтиёзлар, субсидия, компенсация ва преференциялар бир хил. Шу боис давлат раҳбари солиқ имтиёзларини ҳудудларнинг ривожланиш даражасидан келиб чиқиб белгилаш бўйича кўрсатма берди.
Бош вазир ўринбосари ва молия вазирига барча имтиёз ва субсидияларнинг натижадорлиги кўрсаткичларини белгилаб, улардан самарали фойдаланиш бўйича қатъий назорат тизимини жорий этиш топширилди.
Ҳисоб палатасида мониторинг бўлими ташкил этиб, имтиёзлар самарадорлигини доимий таҳлил қилиб бориш вазифаси қўйилди.
Солиқ ва божхона имтиёзларини хатловдан ўтказиб, самарасизларини бекор қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун берилган имтиёзларни бир хиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
«Энди жойларга бориб, манзилли қарорлар қабул қилиб, имтиёзлардан тўғри фойдаланиб, чекка-чекка туманларни ҳам ривожланиш йўлига олиб чиқиш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг бу борада хабардорлигини ошириб, имтиёзлардан фойдаланиш қамровини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Субсидиялар бўйича ягона очиқ портал яратиб, барча имтиёзларни босқичма-босқич шу орқали бериш таклифи билдирилди.
Шарҳлар