Президент спорт таълимини ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни ўтказиш режалари билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёевга спорт таълимини ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни ўтказиш режалари бўйича ахборот берилди.
Мамлакатда спорт инфратузилмаси ривожлантирилиб, халқаро талаблар даражасидаги шарт-шароитлар яратилмоқда. Шунга асосланиб, FIFA қарори билан футзал бўйича бу йилги жаҳон чемпионати мамлакатда ўтказилиши белгиланган. Мусобақа 14 сентябрь – 6 октябрь кунлари Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида ташкил этилади. Унда дунёнинг энг кучли 24 жамоаси қатнашади. Иштирокчи мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар, 30 мингдан зиёд мухлислар келиши кутилмоқда.
Мутасаддилар бу борада кўрилаётган тайёргарлик ишлари, спорт ва маданий тадбирлар режалари юзасидан ахборот берди.
«2025/2026 ўқув йилидан бошлаб, академияга 3 та бакалавр йўналиши ва 6 та магистратура мутахассислиги бўйича қабул бошланади. Битирувчи талабаларга тўғридан-тўғри 6 йиллик тренерлик малака сертификати берилади. Олимпия ва паралимпия коллежларидан селекция қилинган битирувчилар тўғридан-тўғри иккинчи курсга қабул қилинади», – дейилади хабарда.
Спорт таълимидаги яна бир янгилик Кураш маҳорат мактаблари бўлади. Дунёда бу спорт тури билан 30 миллион, Ўзбекистонда 30 минг киши профессионал шуғулланмоқда.
Шунинг учун ҳар бир вилоят марказида Кураш маҳорат мактаблари ташкил этилиши режалаштирилган. Маҳорат мактабида 140 нафар ўқувчи бўлади, улар 5-11-синф болалар орасидан танлаб олинади.
Шарҳлар