Президент “светофорсиз эстакадалар”ни қуриш дастурини ишлаб чиқишни топширди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш чора-тадбирларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Лойиҳа доирасида тез-тез тирбандлик юзага келадиган ва авариялар содир бўладиган йўлларда «светофорсиз йўл ўтказгичлар» қуриш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилиши лозим.
Давлат раҳбари мазкур вазифани ички ишлар вазири ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов зиммасига вилоят ҳокимлари билан биргаликда амалга оширишни юклади.
Йиғилишда йўлларга 2500 дан ортиқ камера ва радарлар ўрнатилгани, шунингдек, шаҳарларда транспорт ҳаракатининг рухсат этилган тезлиги 70 дан 60 км/соатга камайтирилгани туфайли камералар ўрнатилган жойларда автоҳалокатлар сони 30 фоизга камайгани таъкидланди. Президент шуларни ҳисобга олиб, ақлли чорраҳа ва ақлли светофор тизимларини янада кенг кўламда жорий этишни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Шарҳлар