Президент ташрифи арафасида Ўзбекистон делегацияси АҚШда бўлди

Фото: МИД Узбекистана

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов АҚШга ташрифи доирасида АҚШ Савдо вазирининг ўринбосари, АҚШ Савдо вакилининг ўринбосари, Жаҳон Банки вице-президенти билан учрашди, шунингдек, Американинг йирик компаниялари раҳбарияти билан музокаралар олиб борди.

Учрашувлар чоғида Ўзбекистон учун GSP дастурининг бенефициар мақомини қайта тиклаш, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 7-йиғилишини ташкил қилиш, икки томонлама савдо муносабатларида тўсиқларни бартараф этишга мўлжалланган қўшма маслаҳат платформасини яратиш доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга ҳамда инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиққа тортишдан сақланиш бўйича ҳукуматлараро битимларни тайёрлаш юзасидан музокаралар жараёнини бошлашга келишилди.

Шунингдек, “яшил масалалар кун тартиби”, “инсон капиталини ривожлантириш”, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, иқтисодиётда давлат ролини камайтириш, хусусийлаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш режалаштирилди.

Банклар, кимё корхоналари ва уяли алоқа компанияларини хусусийлаштириш, инновацион вакциналар ишлаб чиқариш, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, Ўзбекистон тўқимачилик саноатига илғор технологиялар ва дастурий таъминотни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида тўғридан-тўғри АҚШ инвестицияларини жалб қилиш масалалари келишиб олинди.

“Марказий Осиё-АҚШ” форматидаги биринчи саммит (“С5+1”) сентябрь ойининг охирига режалаштирилган. У Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияси очилиш кунларида бўлиб ўтади. Саммитда АҚШ президенти Жо Байден таклифига биноан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва минтақадаги бошқа давлатлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.