Президент топшириғи ижроси ўрганиб чиқилди

Фото: Адлия вазирлиги ахборот хизмати

2023 йил давомида 30 дан ортиқ ташкилотда 250 га яқин Президент ҳужжатидаги 6 300 дан ортиқ топшириқ ижроси бевосита ўрганилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева АОКАда ўтказилган брифингда.

Хабарга кўра, “ўрганиш натижалари бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотларига 43 та тақдимнома киритилган ҳамда ижро интизоми бузилишига йўл қўйган 77 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган”.

Таҳлил жараёнида топшириқлар ижро этилишига холисона баҳо берилиши учун қуйидаги мезонлар белгилаб олинган: 

  • Қонунийлик, яъни қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган қоидалар ва талабларга тўлиқ риоя этилганлиги; 
  • долзарблик, яъни қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларида белгиланаётган вазифа ва топшириқларнинг Президент томонидан олиб борилаётган давлат сиёсати ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига мослиги;
  • тўлиқлик, яъни ҳужжатларда кўзланган мақсадларга – кўрсаткичларга эришганлиги (сони, миқдори, ҳажми ва бошқа кўрсаткичлар);
  • ҳаққонийлик, яъни топшириқлар ижроси натижалари бўйича маълумотларнинг амалда қилинган ишлар билан ўзаро мувофиқлиги;
  • масъулиятлилик, яъни ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш борасида масъул ижрочилар томонидан ўз ваколати доирасида кўрилган барча зарурий чоралар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.