Президент Тошкентдаги болалар боғчасида маъруза ўқиган профилактика инспекторларини танқид қилди
Ўзбекистон президенти Ички ишлар вазирлиги коллегиясининг кенгайтирилган йиғилишида боғчада маъруза ўқиган профилактика инспекторларини танқид қилди.
«Нима иш қилиш кераклигини билмаган айрим профилактика инспекторлари эса боғчаларга бориб, 3-4 ёшли болакайларга “оқ-қорани фарқлаш” бўйича маъруза ўқиш билан банд», – деди Шавкат Мирзиёев.
Тизимда стажи 3 йилгача бўлган, энди тажриба тўплаётган профилактика инспекторларини криминоген оғир маҳаллага қўйиш амалиёти ҳалигача давом этмоқда.
Аксинча, “яхши” маҳаллаларда эса кўп йиллик тажрибаси бор ходимлар хизмат қилмоқда”, – деди президент.
Ички ишлар вазирига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишлари қониқарсиз йўлга қўйилгани кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатдаги энг оғир жиноятчилик ҳолати ва «қизил» тоифага кирувчи маҳаллалар Тошкент шаҳри, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларида жойлашган.
Ўтган олти ой давомида маҳаллаларда 12 мингга яқин олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар содир этилган.
Қотиллик ва тан жароҳати олишнинг 50 фоизи оилавий келишмовчиликлар ва мунтазам жанжаллар, ўғирликларнинг 70 фоизи ишсизлик ва моддий ресурсларнинг етишмаслиги, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида содир этилган жиноятлар асосан оиладаги муҳит, ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги туфайли содир бўлмоқда.
Айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда жиловни қўйиб юборишган.
“Улар орасида шахсий манфаатни касб бурчидан устун қўядиган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлашга ярамайдиган қатор раҳбарлар бор, – деди давлат раҳбари.
Шарҳлар