Президент: Транспорт хизматлари таннархини пасайтириш жуда муҳим

Foto: prezident.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни темир йўл ва авиация соҳасидаги давлат компанияларида трансформация жараёнларининг боришига оид тақдимот билан танишди.

Йиғилишда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ эришган бир қанча ютуқлари, лекин ҳали вазифалар кўплиги, транспорт йўллари қанчалик муҳимлигини дунёдаги мураккаб вазият ҳам кўрсатаётганлиги таъкидланди.

Шу боис йўналишларни диверсификация қилиш, ташиш жараёнларини тезлаштириш, транспорт хизматлари таннархини пасайтириш жуда муҳим.

Йиғилишда шу борадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

«Мамлакатимизда иқтисодиёт, савдо алоқалари йилдан йилга ривожланаяпти. Аҳоли даромади, ҳудудларнинг туризм салоҳияти ҳам ошаяпти. 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйдик. Шунинг учун транспорт “артерия”ларига алоҳида аҳамият беришимиз керак», – деди Президент.

Бунинг учун барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратиб берилмоқда. Ҳозиргача соҳада 25 йил олдин қабул қилинган қонун бўйича иш юритиб келинар эди. Шу жиҳатдан, бугун янги таҳрирда имзоланган “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу соҳага хусусий компаниялар ва инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантиришга кенг йўл очади.

Энди соҳа раҳбарлари иш услуби ва ёндашувларини кескин ўзгартириб, натижани таъминлаши зарур. Бунинг учун, аввало, соҳада трансформацияни жадаллаштириш, қурилиш ва модернизация лойиҳаларини сифатли бажариш лозим. Халқаро кредит рейтинги олиш, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш, инвестицияларни самарали ишлатиш ҳам муҳим вазифалар қаторида.

Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳали аҳолини рози қиладиган даражага етгани йўқ. Халқаро рейтинг олиб, ташқи бозорга чиқиш кечикаяпти. Оқибатда таннарх юқорилиги учун чипта нархида сезиларли ўзгариш йўқ. Харажатларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар ижроси суст.

Шу боис консалтинг компанияси жалб қилиб, трансформация бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.