Президент туркман шоири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган форумида иштирок этди
Президент Шавкат Мирзиёев 11-октабр куни Ашхобод шаҳрида туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги – тинчлик ва тараққиёт асоси” мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон Ислом Республикаси Президенти Осиф Али Зардарий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурельсух, Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян, хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Давлат раҳбари ўз нутқида форумнинг ўтказилиши халқлар ўртасидаги биродарлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, мамлакатларни бир-бирига янада яқинлаштириш, бой маънавий меросни бутун дунёга тарғиб қилиш йўлида улкан амалий қадам бўлишини таъкидлади.
Махтумқули Фироғийнинг ижодий мероси нафақат Шарқ мумтоз шеъриятини, балки жаҳон адабиётини ҳам бойитганлиги қайд этилди.
Ўзбекистонда Махтумқули ижоди юксак қадрланади. Шоир Хива шаҳридаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олиб, дунёвий ва диний илмларни ўрганган. У буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийни чуқур ҳурмат қилган.
Жорий йилда Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланаётгани таъкидланди. Анжуман, семинар, адабий кеча, танлов, спектакллар ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбек ва туркман киноижодкорлари томонидан шоир ҳақида ҳамкорликда бадиий фильм суратга олинди.
Ўзбекистон етакчиси Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” доирасида келгуси йили Ашхобод шаҳрида глобал саммит ўтказилишини қўллаб-қувватлади.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президентига мазмунли нутқ ҳамда Махтумқули Фироғий хотирасини абадийлаштириш борасида юртимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар учун миннатдорлик билдириб, туркман шоири ва мутафаккири таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарини медал билан мукофотлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинганини маълум қилди.
Тадбир ниҳоясида форумнинг якуний ҳужжати қабул қилинди.
Шарҳлар