Шавкат Мирзиёев Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни Кўксарой қароргоҳида учинчи Тошкент инвестиция форуми доирасида Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

“CAMCE” корпорацияси раиси Ван Бо билан Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилиши ҳамда энергетика, саноат ва инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар портфелини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Мамлакатда фаолият юритишда катта тажриба тўплаган компания йирик лойиҳаларни молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишнинг бутун занжирини қамраб оладиган ечимларни тақдим этишга ихтисослашган.

«“Goldwind” Цао Чжиган билан компаниянинг Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантиришдаги иштироки истиқболлари кўриб чиқилди. Компания шамол энергетикаси технологияларини ишлаб чиқишга ихтисослашган бўлиб, жаҳондаги етакчи шамол турбиналари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Шамол электр станциялари қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва жорий лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди», – дейилади хабарда.

“China Southern Power Grid” билан Бухоро вилоятида шамол электр станциялари, бутун мамлакат бўйлаб гидроаккумуляция станциялари ва юқори кучланишли линиялар қуриш лойиҳалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистонда электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш бўйича “Holley Group” компанияси муваффақиятли ишлаётгани қайд этилган ҳамда Тошкент вилоятида технопарк қуриш ва унга Хитойнинг йирик компанияларини жалб қилиш юзасидан келишувга эришилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.