Президент Амударёдаги янги кўприкнинг очилишида иштирок этди
Президент Хоразм вилоятига ташриф буюргач, Қорақалпоғистондаги Амударё туманига бориб, янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.
Бу улкан иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоот саналиб, президент бу ҳақдаги ташаббусни 2020 йил 13 декабрь куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда илгари сурган эди. Шундан сўнг пухта лойиҳа ишлаб чиқилиб, катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилган ҳамда давлат раҳбари унинг қурилишини икки бор келиб кўздан кечирган.
“Президент дастлаб поездда ва автомобилда юриб, кўприк сифатини кўздан кечирди. Жамоатчилик иштирокидаги йиғилишда бу лойиҳанинг самарадорлиги, аҳоли ҳаётидаги катта аҳамияти тўғрисида гапирди”, – дейилади хабарда.
Кўприк мамлакатнинг энг чекка ҳудудларидан бирида қурилган бўлиб, шу пайтгача одамлар ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўпригидан фойдаланиб келган. Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайганда у жиддий шикастланган ва бу дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирган.
Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур бўлган. Бунинг учун эса қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келган ва Поездда Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинган.
Янги кўприк туфайли халқнинг узоғи яқин бўлиб, бу қийинчиликларга якун ясалган. Бу орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилган.
“Оролбўйи минтақасини, хусусан, Қорақалпоғистонни ривожлантириш, аввало, экологик инқироз оқибатларини юмшатиб, мураккаб вазиятда яшаётган аҳолимизга қулай шароитлар яратиш мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг бош мақсадларидан биридир. Илгари ҳам айтганимдек, Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун Ўзбекистон халқининг бахти ва фаровонлигидир. Бугун мана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида яна бир улкан қадам қўймоқдамиз”, – деган Шавкат Мирзиёев.
Кўприкнинг узунлиги 423 метр бўлиб, у билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилган.
Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади.
Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилиши қайд этилган.
Шарҳлар