Ярим йил олдин ҳам маҳаллий рейсларга чипта ҳарид қилишда муаммолар борлиги таъкидланди

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда мамлакатдаги 86 та санаторий ва тиббий муассасаларда ўтган йили 60 мингдан зиёд хорижий турист даволанди. Бу кўрсаткични янада ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Охирги беш йилда хусусий клиникалар каррасига кўпайгани билан атиги 2 таси халқаро сертификат олган. Оқибатда чет элдан даволанишга келганлар улуши пастлигича қолмоқда.

«Тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини уйғунликда ривожлантириш бўйича яхлит ёндашув йўқлиги кўрсатиб ўтилди ҳамда илғор хорижий тажриба асосида “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” дастури бошланиши эълон қилинди», – дейилади хабарда.

Эндиликда хусусий клиникаларнинг халқаро стандарт олиш, хорижий кўргазмада қатнашиш харажатлари бюджетдан қопланади. Клиникаларга келган чет элликлар учун қўшилган қиймат солиғи қайтарилади.

Шунингдек, мамлакатда ўтказиладиган фестиваллар календарь-режасини такомиллаштириш, чет эллик машҳур ижрочилар концертини ўтказишга талабларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга қўшни давлатлардаги ҳамкасблари билан чегарадан ўтишни яна енгил қилиш бўйича музокара ўтказиш топширилди.

Энг муҳим масалалардан бири – сайёҳлар маҳаллий рейсларга самолёт ва поезд учун икки ой уёқда турсин, ярим йил олдин чипта олишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Мутасаддиларга барча қатновлар ҳақида маълумот ва чипта олиш имконини берадиган ягона онлайн платформани ишга тушириш топширилди. Бунда чипталарни табақалашган нархда камида олти ой олдин савдога чиқариш тизими жорий қилинади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.