Президент: «Ўзавтосаноат» АЖ маҳсулот таннархини пасайтириши керак

Президент Узбекистана
Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар беради.

Энди “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти ҳам маҳсулотлар моделини кенгайтириб, сифатини яхшилаш, таннархни камайтириб, рақобат муҳитида ишлашга ўтиши зарур.

Хусусан, мамлакатимизда енгил автомобиль ишлаб чиқаришни 2030 йилгача 1 миллион донага етказиш мақсад қилинган. Йиғилишда бу борада 2024 йилда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

Давлат раҳбари “Ўзавтосаноат”ни трансформация қилишни жадаллаштириш, харажатларни камайтириш лозимлигини таъкидлади.

«Маълумки, бугунги кунда жаҳондаги етакчи автозаводлар электромобиль ишлаб чиқаришга ўтмоқда. Мамлакатимиз саноатчилари ҳам тезроқ бу йўналишни ўзлаштириб, замон талабига мослашмаса, келгусида бозорда ўрин топиши янада қийин бўлади», – дейилади хабарда.

Бу борада илк лойиҳалар бошланган. Келгуси йилда шундай завод ишга туширилиб, 10 мингта электромобиль ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Президент бу йўналишга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлаб, тармоқ корхоналарида электромобиллар учун бутловчи қисмлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида бу йил 3 минг 500 донадан ортиқ техника ишлаб чиқарилган. 2030 йилгача бу миқдорни йилига 16 минг донага етказиш мўлжалланган.

Бу йил Чирчиқда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери ташкил этилди. У йилига 15 минг дона трактор, тиркама ва бошқа техникалар ишлаб чиқариш қувватига эга. Лекин, уларни сотиш тизими замон талабларига мос келмаяпти.

Шу боис маҳаллий техника харидини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, кластер ва фермерларни жалб этиб, бу борада буюртмалар шакллантириш зарурлиги таъкидланди ва қўшимча чоралар белгиланди.

Миллий тракторни маҳаллийлаштириш даражасини 35 фоизга, осма техника ва тиркамаларни ўртача 60 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.