Президент Бизнесни ривожлантириш банкини ташкил қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади

Фото: kun.uz

Президент “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки негизида Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда унинг ҳузурида қуйидагилар ташкил этилди:

– “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” масъулияти чекланган жамияти;

– ҳудудларда 14 та кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида Бизнесни ривожлантириш банки томонидан кичик бизнес лойиҳалари учун 7 йилгача муддатларда кредитлар ажратилади. Ижобий кредит ва солиқ тарихига эга тадбиркорларга гаров талаби 50 фоизга камайтирилади.

Саноат соҳаларида “140 та илғор саноат корхонаси” дастури амалга оширилади. Шунга кўра, мазкур дастурга киритилган тарбиркорларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун хорижий валютада йиллик 4 фоиз, миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача кредит маблағлари ажратилади.

Бундан ташқари, дастурни амалга оширишни рақамлаштириш учун электрон платформа ишга туширилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.