Президентлар Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Кўксарой қароргоҳида тор доирада учрашув ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдилар.
Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари Озарбайжон Республикаси Президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.
«Бугун биз Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаймиз. Бир неча йил давомида биз биргаликда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтаришга муваффақ бўлдик», – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни илгари суриш ва уни аниқ мазмун билан бойитишнинг самарали механизмига айланиши лозим бўлган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Етакчилар икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётгани таъкидлади. Парламентлар, ҳукуматлар, тармоқ идоралари ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, форум ва кўргазмалар, кўплаб маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
Ташриф доирасида Президентларнинг икки мамлакат етакчи компаниялари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтади ва янги кооперация лойиҳаларига старт берилади.
Шарҳлар