Президентлар ОАВ вакиллари билан учрашув ўтказдилар

Фото: president.uz

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўтказилган музокаралар юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстона муносабатларни ривожлантиришда тарихий воқеа бўлганини катта мамнуният билан таъкидлади.

Ўзбекистон қардош Озарбайжоннинг улкан ютуқларидан хурсанд.

Давлат раҳбари қардош мамлакатда иқтисодиёт, саноат жадал ривожланиб, аҳоли турмуш даражаси яхшиланаётганини таъкидлади. Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий озарбайжон ерлари қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этди.

Ижтимоий инфратузилма ва ишлаб чиқариш объектлари фаол қурилаётган Қорабоғ қайта тикланаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Озарбайжонни бу олижаноб ишда бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.

«Озарбайжон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз ва иттифоқчимиздир. Бизни муштарак тарихий илдизларимиз ва кўп асрлик дўстлигимиз, ягона дин, ўхшаш маданият ва анъаналар боғлаб туради. Буларнинг барчаси ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда», – деди Ўзбекистон раҳбари.

Музокаралар чоғида Президентлар кўп қиррали муносабатларнинг барча йўналишларини, жумладан, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва маданият соҳаларини муҳокама қилдилар.

Барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётган савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу муносабат билан келгуси йилни Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий кооперация йили деб эълон қилиш ҳамда 20 та асосий йўналиш бўйича дастур қабул қилишга аҳдлашилди.

Транспорт боғлиқлигини, шу жумладан Транскаспий йўлагини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбайжон орқали Европа мамлакатларига экспорт қилиш бўйича кенг кўламли минтақавий лойиҳани амалга оширишни тезлаштиришга келишиб олдилар.

Ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш мақсадида бу бўйича «йўл харитаси» қабул қилинади, шунингдек, Қўқон шаҳрида навбатдаги ҳудудлар форуми ўтказилади.

Давлат раҳбарлари маданият, ёшлар ва ахборот сиёсати, илм-фан, таълим ва спорт соҳаларида мулоқот ва алмашинувларни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Эстрада санъатининг афсонавий юлдузлари Фарруҳ Зокиров ва Пўлат Булбул ўғлининг юксак хизматлари эътирофи сифатида Президентлар уларга икки мамлакатнинг “халқ артисти” фахрий унвонларини беришга қарор қилдилар.

Якунда давлат раҳбари озарбайжонлик ҳамкасбига таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик изҳор этди. Самарали музокаралар натижалари Ўзбекистон-Озарбайжон алоқаларини янада ривожлантиришга кучли туртки беришига ҳамда қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.