Президентни ҳақорат қилган фуқаро қамалди

Фото: норма.ўз

28 мартда жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ижтимоий тармоқларда президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилган ва хорижга ноқонуний чиққан 27 ёшли йигитга нисбатан ҳукм чиқарди.

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Д.Т. 2023 йилнинг 4 декабрь куни Эрондан қайтгач Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки интернетдан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) ва 223-моддаси 2-қисми «б» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш) бўйича қўлга олинган. Биринчи моддада 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, иккинчисида эса 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.

Хабарга кўра, «2016 йилнинг сентябрида у ОВИР стикерини (2019 йил 1 январдан Ўзбекистон чет элга вақтинчалик чиқиш учун рухсатнома стикерлари беришни тўхтатган ва ўрнига хорижий паспортларни жорий қилган) олмасдан Эронга жўнаб кетган».

Суд қарорида судланувчи «Facebook» ижтимоий тармоғида президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 9 май куни Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида режалаштирилган иштироки ҳақидаги мақоладан кўчириб олинган экран тасвирини жойлаштириб, туҳматли изоҳ қолдиргани айтилган.

У «Muhammad Sanjar» номли аккаунти орқали 21 июль куни «Facebook»да президент Умра зиёратини адо этаётган пайтда тушган суратни жойлаштириб, экспертлар томонидан ҳақорат мазмунидаги ахборот деб топилган изоҳ билан жойлаштирган.

Судланувчи 158-модданинг 3-қисмида назарда тутилган айбига қисман иқрор бўлган, бироқ бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, чет элга ноқонуний чиқиш айбловига рози бўлмаган. Унинг сўзларига кўра, ТАТУда имтиҳондан ўта олмагани учун Эрондаги олий ўқув юртига ўқишга кириш учун мустақил равишда хорижга кетган. Эронда 4 йил таҳсил олиб, «Al mustafo» халқаро университетининг дипломини олган.

2022 йилда Д.Т. қидирувга берилганини билиб, 2023 йил 3 декабрь куни Теҳрон шаҳридан Тошкентга учиб келган. Эркак ҳеч қандай диний ташкилотга аъзо эмаслигини таъкидлаган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.