Прокуратура Kompomatuzb иши бўйича Мавжуда Мирзаевага 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради
Тошкент шаҳар Шайхонтохур туман судида бўлиб ўтган мунозарада прокуратура журналист, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаевани туҳмат ва товламачилик иши бўйича олти йилга озодликдан маҳрум этишни сўради. Бу ҳақда «Настоящее время» ёзади.
Прокурор қамоқ жазосидан ташқари, Мирзаеванинг уч йилга журналистик фаолият билан шуғулланишини тақиқлашни сўраган.
Мирзаева Kompromatuzb иши бўйича айбланувчилардан бири бўлиб, унда яна ушбу иш бўйича тўққиз киши, жумладан журналист ва Human.uz нашрининг директори Хуршид Далиев ва «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ҳам ўтмоқда.
Иш бўйича барча айбланувчилар Ўзбекистон Жиноят кодексининг тўрт моддаси: туҳмат (139-модда), товламачилик (165-модда), жиноий даромадларни легаллаштириш (243-модда) ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш (184-модда) бўйича айбланмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, айбланувчилар Kompromatuzb телеграм-каналида танқидий материалларни чиқармаслик учун гўёки товламачилик билан шуғулланган. Терговчиларнинг таъкидлашича, судланувчилар “молия институтлари ва бошқа идораларнинг ходимлари билан алоқа ўрнатган, уларнинг касбий фаолияти ва шахсий сирлари ҳақида маълумот олган ва улардан товламачилик воситаси сифатида фойдаланган”.
Мавжуда Мирзаева ва бошқа айбланувчилар 2023 йил январида ушланган ва ҳибсга олинган.
Шарҳлар