Ўзбекистонда прокурорларга янги ваколатлар берилиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишлар кўрилишида прокурор давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, атроф-муҳитни муҳофаза этиш ҳақидаги қонунчилик бузилиши, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш ҳамда божхона тўловларини ундиришга оид ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, прокурорнинг иштирок этиши назарда тутилган фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича прокурор суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор этилмаган бўлса, прокурор ушбу ишларни суддан талаб қилиб олиб ўрганиши ҳамда улар бўйича протест келтириши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини оширишга, судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли ҳимоя қилишга ҳамда қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.
Шарҳлар