Протез ҳамда реабилитация ускуналарининг турлари кўпайтирилади

Фото: mercociudades.org

Президентнинг 27.02.2024 йилдаги 88-сонли “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ шу йилнинг 1 майгича давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез мосламалари ва реабилитация воситалари турлари 18 тадан 30 тага оширилади.

Хабарга кўра,“1 майдан протез мосламалари ҳамда реабилитация воситалари хариди учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдорини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб ўртача 3 бараваргача, айрим воситаларнинг турлари эса 10 бараваргача оширилади”.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ушбу ускуналарга муҳтожлиги алоҳида тиббий хулоса расмийлаштирмасдан ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида белгиланади.

Ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларга эса протезлар ва реабилитацияга муҳтожлиги тўғрисидаги тиббий хулоса “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.

2024 йил 1 майга қадар Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида, 2024 йил 1 октябргача республиканинг бошқа барча ҳудудларида муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан ваучер асосида таъминлаш тартиби жорий этилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.