Психотроп дори воситалари манзилига етиб бормади
Сарҳадларда сергак божхоначилар томонидан инсон онгини заҳарлаб, унинг саломатлигига жиддий путур етказувчи, жамият келажагига болта урувчи психотроп дори воситаларининг ноқонуний тарзда мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилиш ҳолатларига чек қўйилмоқда. Амалдаги қонунчиликда белгиланган психотроп дори воситаларини божхона чегаралари орқали олиб ўтиш талабларига риоя қилмаслик жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
«Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довуд-ота” чегара божхона постига Қозоғистон Республикаси орқали кириб келган “Лада-Ларгус” русумли автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилди. Натижада, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган автотранспорт салон қисмининг тепасидаги “бардачок”да турган оқ рангли пакет ичида ҳар бири 10 мг.дан бўлган 8 та қутида жами 400 дона “Баклосан” номли психотроп дори воситаларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз Россия Федерациясидан республикамиз ҳудудига олиб келаётганлиги аниқланди», – дейилган хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар