«PUBG» аккаунт сотаман деб фуқаронинг пулларини ухлатган шахс ушланди

Фото: Techradar

Тошкент вилояти, Бектемир туманида яшовчи 19 ёшли Б.А. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 450.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сурхондарё вилояти, Узун туманида яшовчи 19 ёшли Э.Б. содир этганлиги аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган, Э.Б., жабрланувчи Б.А. билан “Телеграм” мессенжерида танишиб, “PUBG” аккаунтини сотиши ҳақида айтиб уни алдаган ва ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига 450.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб олган. Шундан сўнг жиноятчи ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Э.Б.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.