Путин Ўзбекистондан келган муҳожирлар учун муносиб шароит яратишга ваъда берди
Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокарадан сўнг Москва ўзбек муҳожирларини муносиб меҳнат шароитлари билан таъминлаш учун барча зарур ишларни амалга ошираётганини айтиб ўтди.
“Россия ҳукумати биз билан ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига муносиб меҳнат шароитлари ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш учун барча зарур ишларни қилмоқда ва бундан кейин ҳам бу ишлар давом эттирилади. Биз миграциянинг барча долзарб масалалари бўйича Ўзбекистон расмийлари билан ҳамкорликни давом эттирамиз”, — деди Владимир Путин матбуот анжуманида.
Президентнинг аниқлик киритишича, Россияда 1 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ҳам яшаб, ҳам меҳнат қилмоқда. Владимир Путин улар қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги ҳамда транспорт-логистика соҳаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлаган. “Ва, албатта, уларнинг ўз ватанига юбораётган пуллари, умид қиламанки, Ўзбекистон иқтисодиёти, мамлакатнинг турли ҳудудларидаги оилалар учун жиддий ёрдамдир”, — дея қўшимча қилган Россия президенти.
Владимир Путин Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 26-27-май кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган эди. Музокаралар якунида давлат раҳбарлари қўшма баёнот берди. Унда Россия ва Ўзбекистон чет эллик ишчилар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлашнинг самарали механизмлари зарурлигини қайд этган.
Тайёрлади: Anhor.uz амалиётчи мухбири, Ўз ЖОКУ 4-босқич талабаси Содиқжонова Ёқутхон
Шарҳлар