“Путин шундай йиртқички, уни музлатилган маҳсулотлар қониқтирмайди.” Зеленский Россия президенти туганмас урушни истаётганини айтди
Украина президенти Владимир Зеленский Давосдаги Бутунжаҳон иқтисодий форуми йиғилиши иштирокчилари қаршисида нутқ сўзлаб, Владимир Путинни “туганмас уруш”ни истаётган “йиртқич” деб атади. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Ўз нутқи бошида Зеленский Украинадаги тўлиқ кўламли уруш деярли икки йилдан бери давом этаётганини, Қрим босиб олинган вақтдан буён эса қарийб ўн йил ўтганини эслатиб ўтди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Россия бошқа мамлакатлар ҳаётига ҳам аралашмоқда — Суриядаги уруш бошланганига деярли 13 йил бўлди, деди Украина президенти. “Аслини олганда, битта одамнинг ўзи 13 йиллик тинчликни ўғирлаб, уни бутун дунёга таъсир қиладиган оғриқ ва инқирозларга алмаштирди”, — деди Зеленский. Путинни у урушни ўзида мужассамлаштирувчи одам деб атади.
“Путин нимани исташи, нима қилаётгани ва унинг нишонлари кимлиги ҳақида очиқдан очиқ гапирмоқда. Уруш қанча давом этиши ҳақидаги саволга жавобан бу доимий, чексиз уруш эканлигини айтмоқда. Унинг истаги шу… У бошқаларга азоб бераётган низолардан роҳатланади. У тинчлик ўрнатиш ҳақидаги таклифга жавобан Шимолий Корея ва Эрондан тобора кўпроқ қурол олиб кела бошлади. Уники каби режимлар улар уруш олиб бораётган пайтдагина мавжуд бўла олади”, — деди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, кириб келган 2024 йил Украинадаги уруш учун ҳал қилувчи йилга айланиши керак, аммо низони вақтинчалик тўхтатиб қўйиш ечим бўла олмайди.
“Шуни эслатиб ўтишим керакки, 2014 йилдан кейин Донбассдаги урушни музлатиб қўйишга (вақтинчалик тўхтатиб қўйишга) уринишлар бўлганди. Ушбу жараённинг жуда кучли кафиллари бор эди — Германиянинг ўша вақтдаги канцлери, Франциянинг ўша вақтдаги президенти. Бироқ Путин шундай йиртқички, уни музлатилган маҳсулотлар қониқтирмайди. Биз эса ўзимизни, фарзандларимизни, уйларимизни, ҳаётларимизни ҳимоя қилишимиз керак… Биз агрессияни мағлуб этиш мумкин деган ғояни нормаллаштирмоқдамиз, ҳаттоки у ўн йилдан кўпроқ давом этаётган Путин агрессияси бўлса ҳам”, — дея таъкидлади Украина президенти.
Бундан ташқари, Зеленский Россия ядро саноатига қарши санкциялар киритишни таклиф қилди, Путин “атом электр станциясини гаровга олган дунёдаги ягона террорчи” бўлиб турган пайтда бундай санкцияларнинг йўқлигини “Ғарбнинг яққол заиф томони” деб атади.
Эслатиб ўтамиз, Швейцария Украина бўйича давлат раҳбарлари ва етакчилари даражасида глобал учрашувга мезбонлик қилмоқчи. Бу ҳақда Швейцария Федерал кенгаши раиси Виола Амгерд Украина президенти Владимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Шарҳлар