Путин Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳақидаги фикрларини айтди
Россия президенти Владимир Путин Россия газининг Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга етказиб берилишига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатларда фаол иқтисодий ривожланиш ва аҳоли сонининг ўсиши билан боғлиқ.
“Марказий Осиёга, Эронга етказиб бериш масаласига келсак, бу Украина воқеалари билан бевосита боғлиқ эмас, бу давлатларнинг иқтисодиёти ривожланмоқда, фаол ривожланмоқда, улар учун қўшимча ресурслар керак, холос. Ўзбекистонда аҳоли сонининг ўсиши йилига 1 миллион. Ҳозир у ерда 37 миллион киши, яқинда 40 миллионга етади, иқтисодиёт ҳам ўсяпти – деди Путин Владивостокдаги иқтисодий форумда.
Россия президенти, шунингдек, ўтган қишда Тошкентда тарихда кузатилмаган рекорд даражадаги паст ҳарорат — минус 21 даража қайд этилганини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, бу ҳам Россия газининг Ўзбекистонга етказилишига бўлган эҳтиёжга таъсир қилган.
2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон рекорд даражадаги 5,2 миллиард куб метр газ импорт қилди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 127 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, мамлакатда газ қазиб олиш 1,4 миллиард куб метрга камайди.
Шарҳлар