Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландар бахши 73 ёшида вафот этди

Foto: “Darakchi.uz”

Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландар бахши (Рўзимбой Норматов) 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

Хоразм бахшичилик, достончилик мактабининг йирик намояндаларидан бири бўлган Рўзимбой (Қаландар бахши) Норматов 1951 йил 15 июнда Хоразм вилояти, Шовот туманида таваллуд топган. У 1990 йил Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган.

Қаландар бахши халқ ижодиётининг анъанавий халқ термалари, достонлари, халфа қўшиқлари ва масхарабозлик йўналишларини ўз ичига қамраб олган “Авазхон” фольклор этнографик халқ ансамбли бадиий раҳбари сифатида кўп йиллар фаолият юритган.

Қаландар бахши қадимий достонлардан “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Ошиқ Маҳмуд”, “Саётхон ва Ҳамро”, “Гўрўғли” достонлари туркумига кирувчи “Базирён”, “Авазхон”, “Хирмондал” каби қатор достонларини куйлаш билан биргаликда, бизгача фақат мазмунлари орқалигина етиб келган қадимий “Юсуф Аҳмад” достонининг қайта тикланиб ижро этилишига муносиб ҳисса қўшган.

2001 йилда бахшичилик соҳасидаги меҳнатлари учун “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.