Қашқадарёда 17 ёшли қиз зўравонлик ва шантажга учради – видео

Фото: кадр из видео

Болалар омбудсманига жорий йилнинг 24 апрель куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро О.Ю. дан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда Чироқчи туманида яшовчи вояга етмаган қиз Б.Б. (2006 йилда туғилган) га нисбатан жинсий тегажоғлик қилиниб, бу видеога олинганлиги ва тасвирни тарқатиш билан таҳдид қилинаётганлиги билдирилган.

Аниқланишича, 2023 йил июлда Б.Б. га Ш.Х. томонидан жинсий тегажоғлик қилиниб, бу ҳолат бошқа шахс – Ж.М. томонидан телефон орқали видеотасвирга олинган. Кейинчалик Ж.М видеотасвирни тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, қиздан товламачилик йўли билан пул олган, аммо шундан кейин ҳам видеотасвирни тарқатиш билан таҳдидни давом эттириб, товламачилик қилиб келган.

Мазкур ҳолат бўйича Б.Б. 2024 йилнинг 30 март кунига келибгина туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Терговга қадар текширув доирасида судга оид тиббиёт, криминалистика ва биология экспертизалари тайинланган. 8 апрель куни эса ЖКнинг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 118-моддаси 1-қисми (Номусга тегиш) ва 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.