Qatar Airways авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни йўлга қўйди
2 июнь куни соат 10:28 да Qatar Airways авиакомпаниясининг Тошкентга режалаштирилган биринчи рейси Доҳа аэропортидан учиб кетди. Ўзбекистон пойтахтига Airbus 320 самолёти маҳаллий вақт билан соат 13:30 да қўнди. Парвоз вақти 3 соатни ташкил қилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати ёзмоқда.
“Тошкент” халқаро аэропортида янги ҳаво қатновининг очилиш маросимида Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти раҳбари Жавлонбек Умарходжаев, “Тошкент” халқаро аэропорти директори Жасур Пўлатов, Фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари Тоҳир Назаров, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳаво транспорти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамолиддин Назаров, Қатар фуқаро авиацияси департаменти бошлиғи Моҳамед Фалеҳ Ал-Ҳажри, Qatar Airways авиакомпаниясининг Шарқий ҳудудлар бўйича бош вице-президенти Марван Колейлат, шунингдек, икки мамлакат журналистлари ва блогерлари иштирок этди.
“Бугун биз учун энг яхши авиакомпаниялардан бири Тошкент аэропортига мунтазам рейсларни амалга ошира бошлаган муҳим кун. Икки давлат ўртасидаги ҳаво қатнови нафақат А нуқтадан Б нуқтага парвозлар, балки ўтган йил охиридаги олий даражадаги икки томонлама ташрифлардан сўнг мутлақо янги босқичга кўтарилган икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожининг муҳим қисмидир. Ўзбекистон Қатарни Яқин Шарқдаги истиқболли иқтисодий ҳамкор деб билади. Ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун томонлар Марказий Осиёни Форс кўрфази мамлакатлари билан боғлайдиган энг қисқа, ишончли ва хавфсиз транспорт-логистика йўлакларини шакллантиришдан манфаатдор”, — деди Uzbekistan Airports раҳбари Жавлонбек Умарходжаев.
“Тошкент йўналишлар тармоғимиз географиясини кенгайтиришда янги нуқтага айланди. Ишончимиз комилки, ушбу янги йўналиш нафақат Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди, балки бизнес, туризм ва маданий алмашинувлар учун ҳам ке но эшикларни очади. Доҳа – Тошкент – Доҳа йўналиши бўйича йўловчи қатновлари ҳафтасига тўрт марта – душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари Airbus А320 самолётларида амалга оширилади. Келгусида биз Тошкентга парвозлар частотасини ошириш ҳамда Бухоро ва Самарқандга рейсларни йўлга қўйишни ҳам кўриб чиқяпмиз”, — дея қўшимча қилди шарқий минтақа катта вице-президенти Марван Колейлат.
Qatar Airways Қатарнинг миллий авиакомпанияси бўлиб, бош қароргоҳи Доҳада жойлашган. Авиакомпания дунёнинг 170 дан ортиқ йўналишларига парвоз қилади. Qatar Airways кўплаб нуфузли мукофотларни қўлга киритган ва Skytrax томонидан етти марта дунёнинг энг яхши авиакомпанияси деб топилган.
Шарҳлар