Қирғизистонда гиёҳванд моддаларни Ўзбекистонга олиб ўтишнинг яна бир канали йўқ қилинди
Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари наркотикларни Ўзбекистонга олиб ўтиш бўйича яна бир канални муваффақиятли йўқ қилди. Бу ҳақда “Кабар” мамлакат ички ишлар вазирлигига таяниб хабар бермоқда.
Мавжуд маълумотларга кўра, наркотик моддаларни ноқонуний олиб ўтиш Қирғизистоннинг Ақси ва Ала-Бука вилоятлари ҳудуди орқали амалга оширилган.
ИИВ маълумотларига кўра, гиёҳвандликка ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳ аъзоси бўлган, муқаддам судланган, “Жапай” (“Ёввойи”) лақаби билан машҳур Тўқтўғул туманида яшовчи шахс қўлга олинган.
Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 16,107 кг гашиш мусодара қилинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, қўлга олинган шахс вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида махфий туннель топилганлиги ва ундан одамлар ва контрабанда товарлари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кирилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Шарҳлар