“Миллий тикланиш” партияси етакчиси: Ўзбек тилини билмайдиганларга давлат хизматларидан фойдаланишни тақиқлаш керак
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ўзбек тилида гаплаша олмайдиган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилди.
Аввалроқ Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин мамлакатга келаётган ишчилар рус тилини билиши, мамлакат анъаналари ва маданиятини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлаган эди.
“Сўзсиз, Россияга ишга бораётганлар рус тилини билишлари шарт, лекин бу Ўзбекистонда яшаётган руслар ўзбек тилини билишлари шарт эмас дегани эмас! — дея таъкидлади у. — Ўзбекистонда яшаётган барча миллатли ватандошлар ўзбек тилини билишлари шарт”.
У қонунларда босқичма-босқич боғча ва бошланғич таълимда бошқа миллатли ватандошларга ўз она тили ва қадриятларини ўрганишига шароит яратиш билан бир қаторда, ўзбек тили мажбурий ўрганадиган тил сифатида белгиланиши кераклигини қайд этди.
“Ўзбек тилини билмайдиган инсон нафақат давлат хизматида ишлаши, балки давлат хизматларидан фойдаланиши ҳам мумкин бўлмай қолишига эришишимиз керак”, — деди Алишер Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Анҳор.уз”да “Ўзбекистонда қайси рус тилини тақиқлаш керак ёки жаноб Қудратхўжа: президент Кеннедига ким ўқ узган?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Шарҳлар