Иккинчи хотинининг 11 ёшли қизини зўрлаб келган эркак қўлга олинди
Ўзи 5 нафар фарзанднинг отаси бўла туриб 11 яшар қизчанинг номусига тажовуз қилиб келган эркак қўлга олинди, бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар бермоқда.
Таъкидланишича, блогер ниқоби остидаги бу кимса қонуний хотини бўла туриб, бошқа бир эркак билан расмий никоҳи бекор қилинмаган аёлни ўзига иккинчи хотин қилиб олган. Шу билан ҳам қониқмай, иккинчи хотинининг вояга етмаган (11 яшар) қизини ҳам мунтазам зўрлаб келган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбариятининг аралашуви билан боланинг ҳуқуқлари поймол бўлиши олди олинган. Ҳозирда Агентлик томонидан жабрланувчига зарур тиббий, психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатилмоқда.
Вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий жиноят содир этган 31 яшар А.К. рад этиб бўлмас далиллар билан қўлга олинган бўлиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар