«Қўқон» аэропортини реконструкция қилиш ишлари якунланди

аэропорт
Фото: https://t.me/uzbairportsuz/5618

Фарғона вилоятида «Қўқон» аэропортини реконструкция қилиш ишлари якунланди. 20 март куни эрталаб аэропорт биринчи техник парвозни қабул қилди – “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг А320 NEO самолёти экипажи Қўқон аэропортига қўнди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати хабар берди.

«Ааэропортнинг учиш-қўниш йўлаги 2000 метргача узайтирилди ҳамда А320 ва ATR72-600 русумли самолётлар учун иккита тўхташ жойига эга перрон реконструкция қилинди. Шунингдек, аэропортда 100 кишига мўлжалланган 900 кв.м майдонли янги йўловчи терминали қурилди», – дейилади хабарда.

“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг тажрибали учувчилари томонидан Тошкент – Қўқон йўналиши бўйича амалга оширилган техник парвоз аэродромнинг самолётларни қабул қилиш ва жўнатишга ҳамда терминалнинг йўловчиларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатишга тўлиқ тайёрлигини кўрсатди.

Мунтазам парвозларни 2024 йил 1 апрелидан бошлаш режалаштирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.