АҚШ Ўзбекистонни интеллектуал мулк ҳуқуқини бузаётган мамлакатлар рўйхатидан чиқарди
Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий муҳофазаси ва ҳимояси ҳолати бўйича АҚШ Савдо вакиллигининг (USTR) 301-махсус ҳисоботидаги кузатувдаги давлатлар рўйхатидан (қора рўйхат) чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги АҚШ Савдо ваколатхонаси ҳисоботига таяниб хабар бермоқда.
Ўзбекистон 2000 йилда ушбу рўйхатга киритилган бўлиб, 24 йилдан буён “кузатувдаги давлатлар рўйхати”да қолмоқда эди.
Муайян давлатнинг “кузатувдаги давлатлар рўйхати”га киритилиши унда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича жиддий муаммолар мавжуд эканлигини кўрсатади ҳамда бевосита хорижий корхоналар томонидан инвестициявий фаолиятни амалга оширишда алоҳида эътибор қаратилади, дейилади хабарда.
Бугунги кунга қадар Марказий Осиё минтақасидан фақат Ўзбекистон ва Туркманистон “кузатувдаги давлатлар рўйхати”да қолиб келаётган эди.
“Мана бугун охирги беш йилда интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш тартибларини соддалаштириш, уларга бўлган ҳуқуқларни самарали ҳимоя қилиш, халқаро шартномаларга аъзо бўлиш ва ташқи алоқаларни ривожлантириш ҳамда ЖСТнинг ТРИПС битими талабларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўналишида амалга оширилган тизимли ишлар натижасида шундай натижага эришдик”, — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.
Шарҳлар