Ўзбекистонда қорамоллар орасида юқумли касаллик тарқалгани рад этилди
Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс томонидан қорамолларда юқумли касаллик тарқалгани туфайли ҳар жойдан ҳам гўшт сотиб олмасликка чорловчи аудиохабар турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда тегишли идора вакиллари ҳамкорлигида атрофлича ўрганилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўрганиш натижаларига кўра, сўнгги олти ой давомида ҳудуддаги чорва молларида бирор бир касаллик аниқланмаганлиги, қорамоллар соғлом парвариш қилинаётгани аниқланди.
Бинобарин, ёлғон ва асоссиз хабар тарқатган аудиохабар эгаси Фарғона вилояти, Бувайда тумани «Буюк ипак йўли» МФЙ да истиқомат қилувчи фуқаро Феруза Турсунова эканлиги маълум бўлди. Фуқаро Ф.Турсуновага ёлғон хабар бериш, ваҳима уйғотувчи асосланмаган маълумот тарқатиш учун қонунчиликда жиддий жазо борлиги тушунтирилди ҳамда мутасадди идоралар томонидан огоҳлантирилди.
Қайд этилишича, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда шу каби, асоссиз ва кўр-кўрона тайёрланган хабарлар кўп тарқалмоқда. Фуқаролардан бундай бир томонлама, нохолис хабарларга ишониб алданиб қолмаслик учун фақатгина расмий манбалар орқали тарқатилган хабарларни олиш сўралди. Шунингдек, фуқаролардан ҳам асоси йўқ бўлган шубҳали хабарларни кенг оммага тарқатмаслик сўраб қолинди.
Таъкидланишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимга доир ҳар қандай йўналишда жиддий назоратга олган. Шунингдек, чорвачиликда янги ва замонавий ёндашувлар, қорамолларни сифатли етиштириш, уларни эҳтимолий касалликлардан сақлаш бўйича ҳам доимий кузатув ўрнатилган.
Шарҳлар