Қўқонда 23 йил аввал тўрт кишини ўлдирган шахс бир умрга озодликдан маҳрум этилди

Фото: ножевая мастерская

Фарғона вилоятидаги Қўқон шаҳрида 2001 йилда тўрт кишини ўлдирган эркакка нисбатан ҳукм ўқилди, деб хабар беради Олий суд матбуот хизмати.

23 йил аввал 25 августга ўтар кечаси судланувчи ўғирлик ва қотиллик мақсадларида бировнинг уйига кирган. Ўзи билан пичоқ ва болта бўлган. Айбланувчи бир оиланинг тўрт аъзосини бош, юз ва бўйин қисмларига зарбалар бериш орқали ўлдирган.

У уйдан турли қимматбаҳо тақинчоқлар ва пулларни олиб қочган, сўнг Россияга жўнаб кетган.

2022 йил октябрида айбланувчи ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга топширилган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эркакни Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбдор деб топди. У умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди, жазони махсус режимли колонияда ўтайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.