Қозоғистон «Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома”ни Сенатга жўнатди

Фото: parstoday.ir

Қозоғистон парламентининг Қуйи палатаси Ўзбекистон билан “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома” ни ратификация қилиб, тасдиқлаш учун Сенатга юборган. Ўзбекистон ушбу ҳужжатни ўтган йилнинг ноябрида ратификация қилган эди. 

“Битимга кўра, икки давлат ўртасида ҳамкорликнинг янги механизми – давлат раҳбарлари даражасидаги Олий давлатлараро кенгаш ташкил этилмоқда. Кенгашнинг биринчи учрашуви Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасида жорий йилнинг 8 август куни Остона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган”, – дейилади хабарда.

Шартноманинг асосий мақсади икки мамлакат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган давлатлараро муносабатларнинг янги босқичини шартнома-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашдан иборат.

“Бизнинг тамойилимиз рақобатлашиш эмас, балки бир-биримизни тўлдиришдир. Биз иттифоқчилармиз, бир-биримизни тўлдиришимиз керак”, – дейди Қозоғистон Мажилиси депутати Айгул Куспан.

Шартнома асосида томонлар ҳеч қандай блок ёки иттифоқларда қатнашмаслик, шунингдек, бошқа томонга қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракатларда иштирок этмаслик мажбуриятини тасдиқлайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.