Президентлар амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Президент Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Хивадаги учрашувда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Унда кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, илгари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ инвестиция битимлари ва савдо шартномаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
«Давлат раҳбарлари машинасозлик, энергетика, транспорт ва логистика, кончилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш юзасидан Бош вазирлар ўринбосарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг ҳисоботларини тингладилар», – дейилади хабарда.
Президентлар товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш ҳамда транспорт ва энергетикада инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ бериб, шу йилда Саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувда гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш, ёшлар иштирокида маданият, таълим ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди.
Шарҳлар