Қозоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилмоқда
Қозоғистонга ишлаш учун бораётган ва ушбу давлатда бўлиб турган фуқаролар диққатига, деб хабар бермоқда Миграция агентлиги матбуот хизмати.
Хабарга кўра, «3 июнь кунидан бошлаб, Қозоғистон Республикасининг барча ҳудудларида миграция соҳасида ҳуқуқбузарликни аниқлаш мақсадида “Нелегал-2024” рейд тадбирлари ўтказилмоқда».
Ушбу рейд тадбирлари давомида Қозоғистон ҳудудида қонуний бўлиб туриш ва қонуний меҳнат миграцияси тартибини бузган чет эл фуқароларига нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.
«Таъкидлаш жоиз, қонунбузилиш ҳолатлари Олмаота, Остона, Чимкент шаҳарлари ва Мангистау вилоятида кўп учрамоқда. Шу муносабат билан, ушбу давлатга бораётган ва бўлиб турган юртдошларимиздан миграция қоидаларига риоя қилиш сўралади», – дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудудида 30 кун муддатгача бўлиб туриши мумкин, аммо ушбу давр мобайнида меҳнат фаолиятини амалга ошириши тақиқланади.
Бундан ташқари, ишлаш учун ушбу давлатга борган шахсдан дарҳол ишлаш учун ва вақтинча яшаш учун рухсатнома олиш талаб этилади.
Шарҳлар